Text Widget

Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipisicing elit, sed do eiusmod tempor incididunt ut labore et dolore magna aliqua. Ut enim ad minim veniam, quis nostrud exercitation ullamco laboris nisi ut aliquip ex ea commodo consequat.

Categories
Arxivlar
 

6 та ОТМ абитуриентлари чет тилидан ижодий имтиҳон топширади. Бу бўйича нималар аниқ ва ноаниқ?

Жорий йилдан 6 та ОТМда чет тили биринчи блок бўлган йўналишларда абитуриентлар одатий тарзда тест эмас, ижодий имтиҳон топширади. Бу улар учун кутилмаган янгилик бўлди ва турли саволларни пайдо қилди. Саволлар – ижодий имтиҳон қандай ташкил қилиниши, шаффофлик, баллар тизими ва исталган ОТМлардаги 5 та йўналиш танлови чекланиш-чекланмаслиги билан боғлиқ.
Бу йил чет тили асосий фани бўлган абитуриентларни кириш имтиҳонларида янгилик кутмоқда. Фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган:

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
Самарқанд давлат чет тиллари институти;
Тошкент давлат шарқшунослик университети.
Шунингдек:

Тошкент давлат педагогика университети;
Қўқон давлат педагогика институти;
Нукус давлат педагогика институтининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларида чет тилидан тест эмас, тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон олинади.
«Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарорига кўра, имтиҳонни ДТМ ўтказади. Чет тилидан миллий (CEFR) ва халқаро даражадаги сертификатларга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёзлари сақлаб қолинади.

Кутилмаган янгилик

Бу ҳол чет тили бўйича тайёргарлик кўраётган абитуриентлар учун кутилмаган янгилик бўлди. Сабаби абитуриентларнинг асосий қисми тест кўринишидаги имтиҳон учун тайёргарлик кўришади. Ижодий имтиҳон эса одатий тестлардан фарқ қилади: ўқиш, тинглаб тушуниш, ёзиш ва гапириш кўникмаларини синовдан ўтказади. ОТМларга чет тилидан максимал балл берадиган сертификат билан кирадиганлар эса кўп эмас. Ўтган йилги қабулда ҳужжат топширган 948 минг нафар абитуриентдан 8 079 нафарининг сертификати ДТМ томонидан тасдиқланган ва қабул қилинган эди.

Айни ўтган йилги қабулда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига 16,3 минг, Самарқанд давлат чет тиллари институтига 5,9 минг, Тошкент давлат шарқшунослик университетига 4,9 минг нафар абитуриент ҳужжат топширган.

Яна 3та педагогика ОТМларининг чет тилидан ижодий имтиҳон олинадиган факультетларига ҳужжат топширадиган абитуриентлар сони ҳам қўшилса, анчагина контингент ҳосил бўлади ва улар учун қисқа муддатда ижодий имтиҳонни ташкиллаштириш Давлат тест марказига катта вазифа юклайди. Ижодий имтиҳон ҳақида ҳали кўп нарса аниқ эмас, лекин эълон қилинган янгиликларни борича таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Фақат 6та ОТМда ижодий имтиҳон, қолганида тест ўтказилади

Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов айни шу мавзуда ташкиллаштирилган овозли чатда маълум қилишича, жорий йилда фақат 6 та ОТМдаги чет тили биринчи блок бўлган йўналишларда ижодий имтиҳон ўтказилади. Қолган ОТМларда эса чет тили биринчи фан бўлса ҳам, абитуриентлар одатий тартибдаги тест имтиҳонини топширади.

Ижодий имтиҳон фақат инглиз тили йўналишлари учун эмас

Чет тилидан ижодий имтиҳон фақат инглиз тилига тааллуқли эмас, биринчи блоги француз, немис, итальян тили бўлган йўналишларда ҳам ўтказилади.

«Агар абитуриент юқоридаги 6 та ОТМдан бирига ҳужжат топширса ва унинг биринчи блоги чет тили бўлса, (қайси тил бўлса ҳам) ўқиш, тинглаб тушуниш, ёзиш ва гапириш кўникмалари бўйича имтиҳон топширади», – деди Сарбор Ражабов.

Ижодий имтиҳон қай тартибда ўтказилади?

Сардор Ражабовнинг қайд этишича, чет тилидан ижодий имтиҳон ўтказилиши бўйича ишчи гуруҳ тузилган: унинг таркибида ДТМ вакиллари, Хорижий тилларни ривожлантириш агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ходимлари ҳамда чет тилидан ижодий имтиҳон олиниши белгиланган 6та ОТМ ректорлари, мутахассислари бор.

«Ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишини ўтказиб, қарор ижроси бўйича келишиб олдик. Биз имтиҳонни абитуриентларга оғир бўлмайдиган тарзда ўтказишни ўйлаяпмиз.

Ижодий имтиҳон инглиз тили даражасини аниқлаш бўйича ДТМ томонидан ўтказиладиган CEFR имтиҳонига ўхшаш тарзда ўтказилади. Чунки чет тили бўйича бизда ўтказилаётган тестларнинг формати ҳам халқаро даражага тўғри келади. CEFR’нинг кўпчилик учун қийинчилик туғдирадиган тарафи унда лексика ва грамматикадан ҳам имтиҳон мавжуд, IELTS имтиҳонида эса бу кўникмалардан имтиҳон йўқ, фақат ўқиш, тинглаб тушуниш, ёзиш ва гапириш кўникмалари баҳоланади.

Ижодий имтиҳонда ҳам фақат 4та кўникма синовдан ўтказилади, лексика ва грамматикадан алоҳида имтиҳон олинмайди», – дея қайд этди Сардор Ражабов.

Ижодий имтиҳон шаффофлиги қандай таъминланади?

Сардор Ражабовнинг қайд этишича, абитуриентларни рўйхатга олиш тугагач, август ойида бўладиган катта имтиҳонгача ижодий имтиҳонлар ўтказилади.

«CEFR имтиҳонларида инсон фактори минималлаштирилган даражага олиб келинган. Ёзма ишлар махсус дастурда сканерланади, дастур жавоблар варақасидаги махсус рақамни беркитади ва тегишли экспертларга рандом орқали юборади. Ёзма иш 2 нафар экспертга дастур орқали автоматик юборилади. Масалан, Қорақалпоғистондаги ва Андижондаги экспертлар ўз шахсий кабинетига кириб, ёзма ишни текширади ва баҳо қўяди. Уларнинг баҳоси бир-биридан кескин фарқ қилмаса, дастур 2та баллни 2га бўлиб баҳони чиқаради. Агар бир экспертнинг баҳоси иккинчисиникидан кескин фарқ қилса, унда ёзма иш учинчи экспертга юборилади ва унинг баҳоси асосида ёзма иш балли чиқарилади.

Гапириш кўникмаси ҳам тўлиқ ёзиб олинади ва бошқа экспертга ҳам юборилади, унинг баҳоси ҳам ҳисобга олиниб, номзодга балл қўйилади. ДТМда бу дастур ёрдамида бир неча йилдан бери имтиҳон ўтказиляпти ва ҳозирги кунда республика бўйлаб 400дан ортиқ эскспертларимиз бор. Шунинг учун имтиҳон шаффофлигидан шубҳа қилинмаса ҳам бўлади», – деди Ражабов.

5 та йўналиш танлови устида жиддий ўйланяпти

«Ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишида келишилдики, чет тилидан ижодий имтиҳон топширган абитуриент катта синовда яна бир марта тест топшира олмайди. Сабаби ижодий имтиҳон ва тестнинг баҳолаш мезонлари бир-биридан фарқ қилади.

Масалан, 4та кўникма бўйича ижодий имтиҳон топшириб, максимал 93 баллдан 70 балл тўплаган абитуриентда тест топшириб, ўзидан кўпроқ балл олганларга эътироз пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳозирча жиддий ўйланяпти: абитуриент фақат ижодий имтиҳон ўтказиладиган 6 та ОТМга 5 та танлов қилиши мумкинми ёки бошқа ОТМларга ҳам топшириш имконини бериш мумкинми?» – дейди ДТМ директори ўринбосари.

Унинг тушунтиришича, қоида бўйича қабулда ҳамма бир хил мезон бўйича имтиҳон топшириши керак, тест ва ижодий имтиҳонда эса мезонлар 2 хил бўлади. Шунинг учун ҳозирча танлов ҳақида аниқ айтиш имконсиз, лекин якуний қарорни, албатта, Қабул комиссияси чиқаради.

Муҳим саволлар

Ўтган йилдан бошлаб 5 та фандан имтиҳон топшириш тизимига эндигина мослаша бошлаган абитуриентлар учун бу йил яна бошқа янгилик эълон қилинди. Лекин имтиҳон билан боғлиқ ҳали саволли бўлган ўринлар бор.

Бир неча 10 минг контингентдаги абитуриентлар учун имтиҳонни қисқа муддатда ташкил этиш;
Сардор Ражабовнинг қайд этишича, ижодий имтиҳон абитуриентларни рўйхатга олиш тугагандан сўнг, то августда асосий тест имтиҳонлари бошлангунга қадар бўлган оралиқ муддатда ўтказилади.

Масалан, ўтган йили қабул 20 июлгача давом этган, 5 августдан эса кириш имтиҳонларига старт берилганди. Демак, рўйхатга олиш тугаши ва асосий имтиҳон бошлангунча бўлган оралиқда тахминан 15 кунлик муддат бор. Бу қисқа муддатда кўпчилик учун имтиҳон ташкил қилиш – қийин вазифа, сабаби параллел равишда тахминан 1 млн умумий контингентдаги абитуриентлар учун ҳам тест синовларини бошлашга ҳаракатлар олиб борилади.

Бундан ташқари, тинглаб тушуниш кўникмасидан имтиҳон олиш учун махсус шароитдаги хоналарни тайёрлаш ҳам керак бўлади.

Ижодий имтиҳон саволларининг такрорланиши хавфи;
Жуда кўп сонли абитуриентлар учун етарли даражада саволлар базасини шакллантириб улгуриш ҳам осон вазифа эмас. Агар уларнинг такрорланиш хавфи пайдо бўлса, бу ўз-ўзидан абитуриентларнинг балларига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Бундан ташқари, тестология бўйича мутахассис Комил Жалилов ўз мақоласида ижодий имтиҳонда ишлатиладиган матнлар ва аудио материаллар учун муаллифлик ҳуқуқи эгаларидан рухсат олиш кераклигини ҳам эслатиб ўтганди.

Мандат кечикиши хавфи;
Ўтган йилги мандат ундан олдинги йиллар билан солиштирганда анча кеч эълон қилинганди. Бу йилги қабулда эса ижодий имтиҳон олинадиган йўналишлар ҳисобига кириш имтиҳонларининг умумий жавобларини эълон қилиш янада кечикиши мумкин.

Абитуриентларда исталган 5та йўналишни танлаш ҳуқуқи бўлмаслиги хавфи;
Ижодий имтиҳон олиниши белгиланган 6 та ОТМдан бирига топшираётган абитуриентларда ўз йўналишига фан блоклари жиҳатдан мос бўлган исталган 4 та ОТМдаги йўналишларни танлаш имкони бўлмаслиги мумкин. Яъни уларнинг танлов доираси фақат шу 6 та ОТМ билан чекланиши мумкин. Бу ҳозирча фақат тахмин, якуний қарор Қабул комиссияси томонидан чиқарилади, лекин ҳар қандай вазиятда ҳам абитуриентлар ўртасида нотенглик пайдо бўлмаслигига ҳаракат қилиниши зарур.

Абитуриентларни тайёрлайдиган кадрларга эҳтиёж мавжудлиги;
ДТМ томонидан чет тилларидан ижодий имтиҳон ўтказиш бўйича ўтказилган овозли чатда аудитория томонидан «Қишлоқ ҳудудларда чет тили ўқитувчилари, айниқса, ижодий имтиҳонга тайёрлай оладиганлари кам. Аввал кадрлар муаммоси бир тарафга ечилиб, кейин ижодий имтиҳон бўлиши белгилаб қўйилиши керак эмасмиди?» деган эътирозлар ҳам билдирилди.

Янги имтиҳон тизими бўйича қўшимча маълумот олиш учун Давлат тест маркази билан боғландик. Матбуот хизмати ҳозирча имтиҳонни қандай ташкиллаштириш, юзага келиши мумкин бўлган саволлар устида жиддий ишланаётганини билдириб, тартиблар аниқ бўлиши билан қўшимча маълумот берилиши ҳақида маълум қилди.

Тартиб абитуриентларни қийнамаслиги ва имтиҳон шаффофлигига таъсир қилмаслигидан умидвормиз. Ҳозирча абитуриентларнинг ҳам қўшимча маълумот олиш учун кутишдан ва ижодий имтиҳонга яхшилаб тайёргарлик кўраверишдан бошқа йўли йўқ.

Azizbek