Енергетика вазири Алишер Султонов Халқаро атом энергетикаси агентлиги. . .

5-феврал куни Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султонов Халқаро атом энергетикаси агентлиги (МАГАТЕ) делегацияси аъзолари билан учрашди. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги матбуот хизмати хабар берди. Учрашувда атом энергетикаси фаолиятининг йўлга қўйилиши нафақат энергетика ривожи, балки фан, кадрларни тайёрлаш каби соҳаларнинг жадал ривожланишига сабаб бўлиши, мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, қурилиш йўналишларидаги имконияти бир неча бараварга ошиши таъкидланди. Чунингдек, Ўзбекистонда кадрларни тайёрлаш масаласига катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бугунги кунда ўзбекистонлик 58 талаба “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядровий университетида таълим олмоқда. Тошкентда мазкур университетнинг филиалини ташкил қилишга доир ишлар олиб борилмоқда, бу йерда Ўзбекистоннинг ядро энергетикаси соҳаси учун кадрлар тайёрланади. АЕСни барпо этишга оид кенг кўламли ишлар доирасида ХАЕА билан ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилди. Халқаро агентлик билан ҳамкорликда ўтказилаётган семинар ҳам шу йўналишда олиб борилаётган муҳим ишлардан биридир. ХАЕА делегацияси номидан сўзга чиққан Жентковски учрашув учун миннатдорлик билдириб, тинч атомдан фойдаланувчи мамлакатлар қаторига кираётган Ўзбекистон ўз олдига қўйган вазифалари билан ҳайратга солаётганини таъкидлади. “Ядро энергетикасини ривожлантириш катта ресурсларни, жумладан, инвестицияларни талаб қилувчи лойиҳа ҳисобланади. АЕС қурилиши ишлари мураккаб бўлса-да, сиз уларни қисқа муддатда бажаришга тайёр эканлигингиз қувонарли. Биз эса, ўз навбатида, сизни тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, бундай ҳамкорлик лойиҳанинг барча хавфсизлик талабларига мувофиқ келишига ёрдам беради”,  — деди ХАЕА ядровий қурилмалар хавфсизлиги бўлими директори Г. Жентковски. Жентковскининг сўзларига кўра, ХАЕА делегацияси аъзолари Ўзбекистонга ташрифи доирасида мамлакатда АЕС қурилиши лойиҳасининг амалга оширилишида хавфсизлик устувор вазифа эканига ишонч ҳосил қилишган. “Ўз зиммангизга ХАЕА талабларига мувофиқ бўлиш мажбуриятини олаётганлигингиз жуда муҳим. Биз ушбу стандартларни мамлакатингизда оммалаштиришга доир барча чораларни кўрамиз. Лойиҳангиз самарали ва хавфсиз бўлиши тарафдоримиз”,  — қўшимча қилди у. Таъкидлаш жоизки, АЕХА делегацияси Ўзбекистонга “Ўзатом” агентлиги ва мамлакатнинг биринчи атом электр стансияси (АЕС) қурилишига алоқадор бошқа ташкилотлар мутахассислари иштирокида семинар ўтказиш доирасида ташриф буюрган. 2019-йилда Ўзбекистон ва ХАЕА ҳамкорлигининг 25 йиллиги нишонланади. Бугунга келиб ушбу ҳамкорлик алоқалари мамлакатда биринчи атом электр стансияси қурилиши муносабати билан янги босқичга кўтарилмоқда.

 

Leave a Comment